2018 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий таркибий бўлинмаларига келиб тушган мурожаатларнинг

Т А Ҳ Л И Л И

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2018 йил 21 ноябрдаги 07-2955-сон топшириқ хатига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (бундан бўён матнда Агентлик деб юритилади) ва унинг ҳудудий тузилмаларидаги мурожаатлар билан ишлаш аҳволи таҳлил қилиниб қуйидагилар аниқланди.

Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига 2018 йил давомида
жами 3717 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 1518 таси Президент виртуал қабулхонасидан, 2199 таси бевосита жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган.


Келиб тушган мурожаатларнинг 1993 таси (54 фоиз) қаноатлантирил-ган, 1516 таси (41 фоиз) бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 104 таси (3 фоиз) тааллуқлилиги бўйича тегишли вазирлик ва идора-ларга юборилган, шунингдек 35 таси (1 фоиз) кўрмасдан қолди-рилган ёки рад этилган.

Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига бевосита келиб тушган мурожаатларнинг 170 таси оғзаки (ишонч телефони орқали), 1667 таси ёзма ва 361 таси электрон шаклда қабул қилиб олинган.

Мурожаатларни куриб чиқиш натижалари бўйича оммавий ахборот воситаларида (ОАВ) 367 та чиқишлар ташкиллаштири-лган. Хусусан, телевидение ва радиода 181 та, босма ОАВ (газета ва журналлар)да 75 та, электрон ОАВда 108 та, шунингдек Агентлик веб-сайтида 3 та тарғибот тадбирлари уюштирил-ган. Бундан ташқари, Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига кўп мурожаат келиб тушаётган муаммоли масалалар бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан 78 та ОАВда чиқишлар ташкиллаштирилиб, камчиликларни бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларга кўрилган чоралар тўғрисида эса 51 та, шунингдек жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича 39 та тарғибот ишлари олиб борилган.

Агентлик расмий веб-сайтида мурожаатлар билан ишлаш натижалари бўйича 3 та хисобот жойлаштирилган.

Агентликнинг 1148 рақамли “Ишонч телефони” ҳамда Фэйсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар доимий назоратга олинган бўлиб, ушбу мурожаатларга Агентликнинг тарғибот бўйича масъул таркибий бўлинма томонидан оператив тарзда муносабат билдирилиб келинмоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти жойлардаги марказлар манзили ва уларнинг телефонлари, марказлар орқали кўрсатиладиган хизматлар, уларни олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар ва тўловлар, хизматлардан фойдаланиш тартиби каби масалаларга тааллуқли бўлиб, мазкур масалаларни аҳолига халқчил
ва тушунарли тарзда етказиш учун оммавий ахборот воситалари, уйма-уй юриб тушунтириш, турли шаклдаги семинарлар, давра суҳбатлари, инфографикалар, роликлар, шунингдек флайерлар, буклетлар ва баннерлар кўринишидаги кўргазмали тарғибот тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Бундан ташқари, ҳар ҳафта камида 2 марта Ўзбекистон 24, Маҳалла, Ўзбекистон каналлари орқали мурожаатлар юзасидан “Ишонч телефони” ҳақидаги маълумотлар акс этган ролик намойиш этилиши йўлга қўйилган.

Аҳоли орасида асоссиз тарқатилаётган хабарлар ва кўплаб асоссиз мурожаатларга сабаб бўлаётган масалалар, айниқса ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги шаклига алмаштириш билан боғлиқ масала юзасидан “Муносабат” кўрсатуви ташкиллаштирилиб, жонли эфир орқали халқимизга бу хизматдан фойдаланиш тартиби ва унинг муддати ҳақида батафсил ахборот берилди.

Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан бир марталик акция бўйича келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ўрганилиб, муаммоли вазиятларга барҳам бериш ҳамда қарор моҳиятини тушунтириш мақсадида Ўзбекистон 24 каналида “Қарама-қарши” дастури орқали мурожаатлар таҳлилига асосан суст ишлаётган комиссия аъзолари тушунтиришлари ва бизнинг соҳада амалга оширилаётган ишларимиз бўйича ахборот берилди.

Мурожаатларни келиб тушишини олдини олиш мақсадида Агентликнинг телеграмм месенджеридаги канали ва Фэйсбукдаги сахифаси орқали 3D шаклдаги виртуал робот ёрдамида хизматлардан фойдаланиш тартиби юзасидан видеороликлар жойлаштирилмоқда. Ушбу роликларни mover.uz, youtube, ictv каби каналларда ҳам кузатиб бориш имконияти яратилган.

Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига келиб тушаётган мурожаатларни доимий таҳлил қилиш ҳамда уларни муддатида ижро қилишни назорат қилиш механизми ҳам шакллантирилган. Хусусан, Агентликнинг электрон ҳужжатлар дастури орқали келиб тушаётган аризаларнинг таҳлили ва уларнинг ижро муддатини назорат қилиш тизими мавжудлиги бир қатор муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга имкониятини яратмоқда.

Масалан, Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмалари келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш масаласидаги мурожаатларга тўғри келганлиги аниқланди.


Биргина Президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг 564 таси (жами келиб тушган мурожаатларнинг сонига нисбатан 37 фоизи ) болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришдаги масалалар юзасидан ариза билан мурожаат қилинганлиги маълум бўлди.

Ушбу мурожаатларнинг сабаблари ўрганилганда болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш бўйича масъул идора ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг шаффоф электрон тизимининг мавжуд эмаслиги, навбатнинг даврийлиги, фуқаролар навбати келганлиги ҳақидаги маълумотларни электрон тарзда реал вақт режимида хабардор бўла олмасликлари, шунингдек ушбу камчиликларни назорат қилиш механизмининг етарли даражада ишламаётганлиги аниқланди.

Юқорида қайд этилган камчиликларни ва муаммоларга асосланиб, Агентлик томонидан республика бўйича давлат мактабгача таълим муассасаларида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти талабларига риоя этилиши аҳволи текширилди.

Текшириш давомида соҳада муайян ишлар амалга оширилганлиги билан бир қаторда, айрим қонун бузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилганлиги аниқланди.


Мазкур йўналиш бўйича Республика бўйича жами 10101та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан, 5258 та ҳолатда давлат хизмати кўрсатиш муддати бузилган, 844 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилинган, 1867 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатилган, 49 та ҳолатда мурожаат асоссиз равишда рад этилган ва 2083 та ҳолатда бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

Болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш бўйича аниқланган ҳолатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш учун Мактабгача таълим вазирлигига 2018 йил 28 сентябрда Адлия вазирлиги томонидан
1-21/7-4/3-1385/8-сонли хат юборилди.

Бундан ташқари, бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 229 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг келиб чиқиш сабаби ўрганилганда масъул идораларнинг иш ҳажми кўплиги, айнан ушбу тадбирга бириктирилган ходимларнинг камлиги, айрим идораларда ҳаттоки компьютер билан таъминланмаганлиги ва интернет тармоғига уланмаганлиги, шу билан бирга “Кадастр-2” ахборот тизимига интеграция қилинмаганлиги ёки аксарият ходимлар ушбу тизимдан фойдаланишни тўлиқ ўзлаштирмаганлиги асосий сабаблардан бири бўлмоқда.

Юқоридаги каби камчиликларни баратараф этиш мақсадида туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари билан адлия бўлимлари ҳамкорлигида вилоят-туман комиссия аъзоларига турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунтириш, шунингдек аҳоли гавжум бўлган жойлар, савдо комплекслари, бозорлар, банклар, пенсия таъминоти бўлимлари, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларида аҳоли кўриши мумкин бўлган кириш қисмига акция ҳақидаги эълонларни жойлаштириш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ҳозирда “Мобил хизматлар” тадбирлари давомида маҳалла фаоллари билан биргаликда аҳолига бир марталик умумдавлат акциясининг афзалликларини тушунтириш бўйича тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Комиссия аъзоларини “Kadastr xizmati – 2.0” тизими билан ишлаш бўйича малакасини ошириш юзасидан ваколатли идоралар томонидан тасдиқланган график асосида ўқитишни, комиссия аъзоларини ушбу тизимга тўлиқ уланишини таъминлаш ҳамда хизматни амалга ошириш бўйича масъул ходимни белгиланган тартибда бириктириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шунингдек, ушбу акция доирасида қонунбузилишларга йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан 1294 та таъсир чоралари қўлланилди. Хусусан,
238 та тақдимнома, 403 та огоҳнома киритилди ва 653 нафар шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Қўлланилган чоралар натижасида 907 нафар шахслар жавобгарликка тортилди. Шундан, 19 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
651 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2018 йил 21 ноябрдаги 07-2955-сон топшириқ хатига асосан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ҳамда адлия вазирининг
2018 йил 11 майдаги 144-ум-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи талабларига қатъий амал қилиш лозимлиги юзасидан Агентлик раҳбариятининг жорий йилнинг 28 ноябрдаги 1/1-569/1-сон топшириғи барча ходимларга етказилди ҳамда қатъий назоратга олинди.


Давлат хизматлари агентлиги.