ДХА директори Москва Ҳудудий бошқарув марказининг фаолияти билан танишди

Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Россия Федерациясининг пойтахтига ташриф буюрди.

Ташриф дастурида 30 май куни Урганч шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг биринчи йиғилишида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилиш учун Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан музокаралар ўтказиш кўзда тутилган.

Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Турахужаев ҳукумат делегацияси таркибида Москва вилояти Ҳукумат уйида жойлашган Ҳудудий бошқарув маркази фаолияти билан танишди.

Марказда 30 тармоқ вазирлик ва идораларидан 122 нафар ходим фаолият юритади.

Ахборот тизимлари ёрдамида Москва вилояти ҳудудидаги барча фаолият соҳалари бўйича маълумотлар йиғилади ва таҳлил қилинади. Ходимлар “Добродел” портали ва “Инцидент” тизими, губернаторнинг ишонч телефонлари, ихтисослашган муассасалар ва бошқа соҳаларга оид тизимлардан маълумот олади.

Барча маълумотлар 11 махсус тармоқларга тақсимланади: «Тиббиёт», «Таълим», «Ижтимоий ҳимоя», «Транспорт ва йўллар», «Экология», «Уй-жой коммунал хизматлари», «Қурилиш», «КФМ ва давлат хизматлари», «ОАВ» «Хавфсизлик», «Миллий лойиҳалар ва тендерлар».

Махсус ахборот тизимлари ёрдамида бу ерда ҳудуднинг барча фаолият соҳаларига оид маълумотлар кечаю-кундуз тўпланади ва таҳлил қилинади.

Яъни, бу врачга ёзилиш, автойўллар тартиби, болаларни мактаб ва боғчаларга жойлаштириш, чиқинди йиғиш ва бошқа кундалик масалаларни тез ва самарали ечимини топадиган ўзига хос мониторинг маркази ҳисобланади.