Натижалар умумлаштирилди: ўтган ярим йилликда ДХАга 4 380 та мурожаат келиб тушди

уларнинг 1920 таси бевосита жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган.

Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқаролар дардини эшитиш ва муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш — Давлат хизматлари агентлиги фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Чунки айнан келиб тушаётган мурожаатларни таҳлили натижасида оғриқли нуқталар аниқланади ва келгусида амалга ошириш лозим бўлган ишларни стратегияси шаклланади.

Буларнинг 34 % қаноатлантирилган, 58 % бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 4 % тааллуқлилиги бўйича тегишли вазирлик ва идораларга юборилган, қолганлари эса ҳозирда ўрганиш жараёнида.

Мисол учун фуқаро А. С. Агентликнинг 1148 ишонч рақами орқали қолдирган мурожаати ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласига қаратилган. Узоқ йиллар давомида яшаётган уйини ҳусусийлаштира олмаган фуқаро, эълон қилинган ижтимоий акция доирасидан фойдаланиб қолмоқчи бўлган. Аммо мутасадди органлар томонидан унинг аризаси бир неча ой орқага сурилаверилган экан. Жараёнга Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари аралашганидан сўнггина, фуқаро А. С. уйига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилди.

Келиб тушган мурожаатларнинг кўплиги ҳисобига энг кўп қаноатлантирилган мурожаатлар Тошкент шаҳар бошқармасига (1107 тадан 424 таси) тўғри келиб, мурожаатлар сонига нисбатан оладиган бўлсак, Наманган вилояти (132 тадан 76 таси, яъни 58 фоизи) ва Қорақалпоғистон Республикаси (224 тадан 112 таси, яъни 50 фоизи) бошқармасига келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми қаноатлантирилган.

2006 йил Россия Федерацияси Пермь шаҳрида туғилган набирасига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун “ишонч телефонига” қилган фуқаро Э. М. мурожаати шулар жумласидандир.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, туғилганликни қайд этиш учун тиббиёт муассасасининг бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномаси, ота-онанинг фуқаролик паспортлари ёки ўрнини босувчи шахснинг ҳужжатлари, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гербли гувоҳнома, оталикни белгилаш ҳақидаги ариза тақдим этилиши белгиланган. Аммо фуқаронинг қизи 2012 йилда вафот этганлиги сабабли ушбу тиббиёт муассасасининг бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномаси йўқолиб қолган ва мазкур факт жараённи қийинлашишига сабаб бўлди.

Давлат хизматлари агентлиги мутахассислари фуқароларни қийнаётган муаммоларни имкон даражада тезроқ бартараф этиш тарафдори. Шундай қилиб, мурожаат келиб тушганидан сўнг мутахассисларимиз керак бўлган тиббий маълумотномани олиш учун Россия Федерацияси Пермь шаҳри 9-сонли тиббиёт муассасасига сўров юборишди. Э. М. набирасига инсон ҳаётидаги энг биринчи ва энг зарур ҳужжат топширилди.

Фуқароларимиз соҳамизга бефарқ қолмаётгани бизни жуда қувонтиради. Чунки кўп мурожаатлар айнан давлат хизматлари соҳасини янада ривожлантиришга йўналтирилган таклифлардан иборат. Уларнинг аксарияти тадбиркорликни юритиш учун ташкил этилган fo.birdarchа.uz платформасини такомиллаштиришга қаратилган. Бу борада ҳам ҳам мутахассисларимиз тинимсиз ҳаракатда.

Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига келиб тушаётган мурожаатларни доимий таҳлил қилиш ҳамда уларни ўз муддатида ижро этишни таъминловчи назорат механизми ҳам шакллантирилган.

Хусусан, Агентликнинг электрон ҳужжатлар дастури орқали келиб тушаётган аризаларнинг таҳлили ва уларнинг ижро муддатини назорат қилиш тизими мавжудлиги бир қатор муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш имкониятини яратмоқда.

Масалан, Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига энг кўп келиб тушаётган, тизимли, долзарб муаммолар таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш масаласидаги мурожаатларга тўғри келганлиги аниқланди.

Биргина Президент виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг 996 таси (жами келиб тушган мурожаатларнинг сонига нисбатан 40 %) болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш юзасидан келиб тушганлиги маълум бўлди ва бунга қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлаётганлиги аниқланди:

- МТМлар сонининг етишмаслиги;

- фуқароларнинг фарзандларини МТМга жойлаштириш жараёнида турли тушунмовчиликлар сабабли (аксарият ҳолатларда навбатини билиш ва уни тезлаштириш мақсадида) ДХМларга кўп марта мурожаат қилишлари.

Шунингдек, энг кўп келиб тушган мурожаат масалаларидан яна бири ер участкалари, бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш, хусусан, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш юзасидан бўлиб, Виртуал қабулхона орқали келган мурожаатларнинг 26 % бу каби мурожаатларга тўғри келган.

Ушбу мурожаатларнинг келиб чиқиши сабаблари доимий равишда ўрганилиб, таҳлил қилиб келинмоқда. Бу каби мурожаатларнинг кўп келиб тушганлигининг асосий сабаблари — ваколатли органлар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилинмаётганлиги, уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини бузиш ҳолатларига йўл қўйишлари, шунингдек асоссиз важ билан рад қилинаётганлигидир.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ваколатли идораларга 485 та тақдимнома, 1 197 та огоҳнома киритилди ва 1 476 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.

Киритилган таъсир чоралари натижасида 322 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан, 23 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва 1 476 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Мурожаатлар билан ишлаш тизимини яхшилаш, тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларида жорий йилнинг 6 ойи давомида соҳада муайян ишлар амалга оширилганлиги билан бир қаторда, айрим масъул ходимлар томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ҳисобот даври мобайнида жами 11 нафар ходим томонидан айнан мурожаатларни кўриб чиқишда қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйганлиги аниқланиб, ушбу ходимларнинг 5 нафарига нисбатан “Хайфсан”, 1 нафарига нисбатан “Жарима” интизомий жавобгарлик чоралари ва 5 нафарига нисбатан эса маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.

Фуқароларимиз билан қайта алоқа ўрнатиш, уларни мурожаатларини чуқур ўрганиб таҳлил қилиб бориш ва юзага чиққан муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш Давлат хизматлари агентлиги фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.