Электрон кутубхона, бепул WiFi, кенгайтирилган давлат хизматлари рўйхати, ва... уларни олиш жараёни ҳақида сўзлаб берадиган робот

Бухоро шаҳрининг янгиланган Давлат хизматлари маркази ташриф буюрувчиларни нима билан ҳайратлантирмоқчи?

Ўзининг новациялари билан ташриф буюрувчиларни лол қолдирадиган янги Давлат хизматлари марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

1 764 квадрат метр майдонли икки қаватли бинода Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва Буҳоро шаҳри Давлат хизматлари маркази жойлашган. 

Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши биланоқ унинг таркибига кирадиган Марказларда фуқароларга хизмат кўрсатиш стандартларига юқори талаблар белгиланган. Шу боис, мазкур Марказлар қисқа фурсатда ўзларини бир том остида энг керакли давлат хизматларини қулай ва ортиқча вақт ва пул сарфламасдан олиш мумкин бўлган уникал майдонча сифатида танитди.

Бухоро шаҳри Давлат хизматлари маркази корпоратив услубда безатилган бўлиб, қўшимча қулайлик элементларини ўз ичига олади. Масалан, бутун зал бўйлаб ўрнатилган белгилар, хизматларни онлайн тарзда олиш имконини берадиган инфокиосклар, у ёки бу давлат хизматини олиш тартибини, электрон навбат талонини олиш, қайси ойнага мурожаат этиш кераклигини тушунтиришга ҳамиша тайёр маслаҳатчилар, замонавий ресепшн, шунингдек, янада яхшиланган кутиш жойлари.

Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида бу ерда лифт ва эскалатор ҳам мавжуд. Яна эса, она ва бола хонаси, тиббий пункт, давлат божини тўлаш учун касса, давлат хизмати кўрсатиш жараёнини ва навбат рўйхатини намойиш этадиган мониторлар, ҳамда нақд пул ечиш учун банкомат ишлаб турипти.

Айтганча, имкониятлари чекланган шахслар учун бу ерда тегишли аравача ва пандус ўрнатилган. Умуман олганда, ҳар бир фуқарога — алоҳида эътибор, жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари ҳисобга олинган.

Юқорида санаб ўтилганлар — йил охиригача сони 50 тага етадиган, янги Давлат хизматлари марказларининг одатий жиҳозланиши холос.

Бепул WiFi га уланиш, кутиш вақти янада мазмунли ўтказилиши учун яратилган электрон кутубхона, шунингдек, давлат хизматларини олиш жараёни ҳақида сўзлаб берадиган робот эса, — биринчи бўлиб Бухоро Давлат хизматлари марказида жорий этиладиган новациялардандир.

Янгиликлардан гапирадиган бўлсак, мазкур марказда илк бор автомобиль рақамларини бериш хизмати тақдим этиш синовдан ўтказилмоқда. Шу билан бирга, бу ерда эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш, биометрик паспорт олиш, ФҲДЁ ва нотариат органлари хизматларидан фойдаланиш ва бошқалар мумкин бўлади. Умуман олганда, ташриф буюрувчилар учун 88 та қабул ойналари ва 100 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.