100 дан ортиқ Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар сайёр тартибда топширилди

views 21 Май 2020
views 106

Ҳар қандай оилада фарзанд туғилиши катта қувонч, тантана билан кутиб олинади. Фарзанд – бу ота-онанинг қувончи, бахти, ҳаёт давомчиси. Фарзанд нафақат оила учун, балки жамият ва Ватан учун ҳам азиздир. Ота-онанинг бирдан-бир орзуси — фарзанд кўриш ва ўз фарзандини соғлом туғилиб, ахлоқан пок ҳамда маънавий камол топган инсон бўлиб вояга етказишдир. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор.

 

Коронавирус пандемияси даврида ота-оналарга қулай бўлиши учун Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси тасарруфидаги Гулистон шаҳар туман ФҲДЁ бўлими ходимлари чақалоқларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини сайёр тартибда топширишни йўлга қўйдилар.

 

— Ота-оналарнинг ФҲДЁ бўлимларида тўпланишларининг олдини олиш ва уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида Перинатал марказда сайёр хизмат кўрсатилди, — дейди Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Хадича Асланова. — Албатта бундай имконият ва қулайликдан ота-оналар хурсанд бўлишди.

 

Наргиза Исмоилова Оқолтин туманида яшайди. Сардоба сув тошқини сабабли фарзанди вилоят Перинатал марказида дунёга келди.

 

— Иккинчи фарзандим шундай синовли кунларда туғилди. Бизни вилоят Перенатал марказининг қўли енгил шифокорлари ва ҳамширалари хушмуомалалик билан кутиб олишди, ғамхўрлик қилишди. Қолаверса, биз ота-оналар учун қулай шароит яратиб, фарзандимнинг туғилганлик гувоҳномасини сайёр тартибда етказиб берган Давлат хизматлари агентлиги ФХДЁ бўлими ходимларидан ҳам миннатдормиз, — дейди Н. Исмоилова.

 

Гулистон шаҳрида яшовчи ёш оила Камола ва Шерзод Ваҳидовларнинг бугун қувончи чексиз. Катта умидлар билан турмуш қурган бахт гўшасида бир-биридан ширин эгизак чақалоқлар туғилди. Бахтиёр жуфтлик тўнғич фарзандларининг эгизак эканлиги ҳақидаги хабарни ҳам катта хурсандчилик билан кутиб олишганди. Аммо мамлакатимизда пандемик вазиятдан бироз хавотирга тушган эдилар.

 

Эгизак фарзандларим Алихан ва Алиёр карантин пайтида туғилди, — дейди Камола Муҳамедова. — Пандемик вазиятда бизни қўллаб-қувватлаган шаҳар ФҲДЁ бўлимидан миннатдормиз. Бунақаси сира бўлмаган экан, янгилик ва қулайлик бизга жуда маъқул бўлди.

 

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ДХА Сирдарё вилояти бошқармаси тизимидаги Гулистон шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан юздан ортиқ болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар сайёр тартибда топширилди.

 

Дарҳақиқат, пандемик вазият аҳолининг Давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш кўникмасини оширибгина қолмай, электрон давлат хизматларидан фойдаланиш энг қулай ва оптимал вариант эканлигини яна бир карра исботлади. Зеро, Давлат хизматлари агентлигининг “Тезкор, қулай, шаффоф” деган шиорида ҳам кўрсатилаётган хизматнинг сифати ифода этилган.

 

ДХА Сирдарё вилояти бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech