Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги БАЁНОТИ

views 24 Март 2020
views 279

 

Ассалому алайкум!

 

Хабарингиз бор, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш учун мамлакатимизда махсус комиссия ташкил этилди. Куни-кеча мазкур комиссия томонидан беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва вирус тарқалишини олдини олишга қаратилган қарор қабул қилинди.

 

Ушбу ҳужжат билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда.

 

Хусусан, 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимларини қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш ҳамда имкони мавжуд бўлган фаолият турларини онлайн ёки дистанцион тарзда ташкил этилиши белгиланди.

 

Аксарият фуқароларимиз учун давлат хизматларини анъанавий усулда олиш қулай эканлигини инобатга олган ҳолда, Давлат хизматлари марказлари ўз фаолиятини давом эттиради.

 

Тўғри, ходимлар иш жойида шахсий ҳимоя воситалари билан хизмат кўрсатмоқда.

 

Бироқ, юқорида айтиб ўтилган Ҳукумат қарорига асосан, Марказлар ходимлари боғча ёшидаги фарзандларига қараш учун меҳнатга лаёқатсизлик (больничный) бўйича вақтинчалик таътилга чиқмоқдалар, бир қисми эса масофадан туриб ишлашга ўтди. Бу эса, ташриф буюрувчилар узоқ вақт кутиб қолишига олиб келиши мумкин.

 

Ҳурматли фуқаролар!

 

Марказларимиз орқали кўрсатиладиган деярли барча давлат хизматларини электрон тарзда my.gov.uz портали орқали олиш имконияти яратилган. Шу боис, кечиктириб бўлмайдиган зарурат бўлмаганда Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрмасдан, хизматларни онлайн шаклда олишга чақириб қоламиз!

 

Бунинг учун, электрон рақамли имзонгиз бўлса кифоя!

 

Ўзингиз ва яқинларингизни асранг! Саломат бўлинг!

 

Давлат хизматлари агентлиги

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech