Ру Ўз Uz

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ДОИМИЙ НАЗОРАТДА

views 27 Декабрь 2020
views 259

Маълумки, мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг янги тизими яратилган. Ҳозирги вақтда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари сони 150 тага етган бўлиб хизматлар сифатли ва тезкор кўрсатиб келинмоқда.

 

Бу жараёнда, ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган давлат идоралари билан биргаликда давлат хизматларини ўз вақтида кўрсатмасдан, фуқароларни сарсон қилаётган, уларнинг мурожаатларини эътиборсиз қолдираётган давлат идоралари ҳам учраб турибди.

 

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларда 88 339 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

 

Жумладан, келиб тушган аризалар бўйича 77 986 та ҳолатда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилган, 467 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиб олинган, 2 693 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатилган, 1 495 та ҳолатда асоссиз рад жавоби берилган, 52 та ҳолатда ваколатли идоранинг қонуний талаби бажарилмаган ва 5 646 та ҳолатда бошқа қонун бузилишларига йўл қўйилган.

 

Жорий йил сарҳисоби шуни кўрсатади-ки, уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари (38 581 та), давлат солиқ органлари (4 408 та), қурилиш идоралари (2 520 та) ҳамда ички ишлар органлари (1 535 та) давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тузилмалар сифатида қайд этилган.

 

Аниқланган қонунбузиш ҳолатлари бўйича ваколатли органларга ижро қилиниши мажбурий бўлган 800 та тақдимнома ҳамда 2 224 та огоҳнома киритилди, шунингдек 2 850 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди.

 

Кўрилган тадбирлар натижасида, 2 838 нафар айбдор шахсга нисбатан маъмурий жарима ва 639 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилишига эришилди.

 

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг соҳага масъул бўлган ходими мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва муддатларини бузганликда ифодаланган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг215-5-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.

 

Агентлик «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» – деган, улуғвор ғояни сўзсиз амалга ошириш йўлидаги фаолиятини давом эттирмоқда.

 

Умид қиламиз-ки, давлат хизматлари кўрсатишга масъул идоралар ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати ётганлигини ва йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини ўз вақтида англаб етадилар.

 

У. Махмудов,

Давлат хизматлари агентлигининг бошқарма бошлиғи

Powered by GSpeech
ДХМга олдиндан навбатга ёзилиш
ДХМга электрон чипта олиш
ДХМлар харитада
Мурожаатингизни йўлланг!