ДХА назоратининг самараси

views 29 Июль 2020
views 212

Президентимизнинг Фармонига асосан Давлат хизматлари агентлигига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда ушбу соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш вазифаси юклатилган.

 

Шунга кўра, Агентлик томонидан давлат органларининг давлат хизматлари кўрсатиш фаолияти назорат қилиниб, тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмоқда.

 

Биргина мисол, жорий йилнинг 1-ярим йиллиги давомида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали хизмат кўрсатишда 58 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

 

Шундан, 50 мингга яқин мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилмаган бўлса, 2,5 мингдан ортиқ фуқароларга давлат органлари томонидан тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган.

 

Ваҳоланки, Давлат хизматлари марказлари ва my.gov.uz орқали кўрсатилаётган хизматларни давлат органлари тўғридан-тўғри кўрсатишга ҳақли эмаслар.

 

Аниқланган ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан 1 550 нафардан ортиқ шахсларга нисбатан маъмурий жарима қўлланилган бўлса, 300 нафарга яқин шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

 

Ўтказилаётган назорат тадбирлари давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш билан биргаликда, ушбу соҳада қонун бузилиши ҳолатларининг йилдан-йилга камайишига ҳам хизмат қилмоқда.

 

Мисол учун, 2019 йилнинг 1-ярим йиллигида Агентлик томонидан қарийб 135 мингта ҳолатда қонун бузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланган бўлса, жорий йилнинг шу даврига нисбатан ҳуқуқбузарликлар 43 фоизга камайган.

 

Бироқ, барча саъй ҳаракатларга қарамасдан айрим соҳалар бўйича давлат хизматлари кўрсатишда қонун бузилиши ҳолатлари сони ортиб бормоқда.

 

Масалан, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида муҳандислик коммуникация тармоқларига уланишда 15 мингга яқин ҳамда табиий газ, электр энергияси, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, ўрнатиш ва қиёслашдан ўтказишда 14 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўриш мумкин.

 

Бу эса, коммунал соҳада давлат хизматлари кўрсатувчи идораларда етарлича тизимли муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатади.

 

Албатта, Давлат хизматлари агентлигининг асосий мақсади кимнидир жазолаб жарима ундириш эмас, балки аҳолига сифатли давлат хизматлари кўрсатишда ўзига юклатилган вазифаларни бекам-кўст бажаришдир.

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech