ФҲДЁга кимлар ишга олинади?

views 25 Май 2020
views 1216

Сўнги кунларда ФҲДЁ соҳаси ва фаолияти жамиятимиз муҳокамаларининг диққатида бўлмоқда.

 

Куни-кеча ижтимоий тармоқларда “ЗАГС” мудираларини тайинлаш билан боғлиқ саволлар айлана бошлади.

 

Давлат хизматлари агентлиги ушбу масалага ойдинлик киритади.

 

Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий тизимига Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган махсус низом талабларига асосан davxizmat.uz расмий веб-сайти орқали бўш иш ўринларга берилган эълонга мувофиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.

 

Ишга қабул қилиш жараёни, яъни суҳбат реал вақт режимида онлайн-трансляция қилинади.

 

ФҲДЁ органлари фаолиятини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 498-сон қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисида”ги низомга мувофиқ амалга оширилади.

 

Унга кўра, ФҲДЁ органи раҳбари (туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири, ФҲДЁ архиви мудири) лавозимига қуйидаги талабларга жавоб берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тайинланиши мумкин:

 

- йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган,

 

- олий юридик маълумотга эга бўлган,

 

- юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик, шу жумладан ФҲДЁ органида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган.

 

❗️ФҲДЁ органи раҳбарлигига номзод бўлган шахс қоида тариқасида ФҲДЁ органи раҳбарлигига захирада турган бўлиши лозим.

 

⚠️ Шунингдек, ФҲДЁ органлари фаолиятига раҳбарлик қилиш билан боғлиқ лавозимларда ишлаган ёки ишлаб келаётган ходимларга нисбатан соҳа бўйича камида

 

✅ уч йиллик, шу жумладан ФҲДЁ органида камида икки йиллик иш стажига эга бўлганлик талаби татбиқ этилмайди.

 

✅ ФҲДЁ органининг 1-тоифали инспектори лавозимига олий юридик маълумотга ва 2-тоифали инспектори ёки архивариус лавозимига юридик мутахассислик бўйича, қоида тариқасида, ўрта махсус маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тайинланади.

 

✅ ФҲДЁ органининг 1-тоифали инспектори лавозимига олий юридик маълумотли номзод топилмаган тақдирда, ушбу лавозимга мазкур Низомда белгиланган тартибда юридик мутахассислик бўйича ўрта махсус маълумотга эга бўлган шахс тайинланиши мумкин.

 

Амалдаги қонун ҳужжатларда ФҲДЁ органлари ходимларини ишга қабул қилишда уларнинг оилавий аҳволига эътибор қаратиш назарда тутилмаган, шунингдек айрим ҳолларда ушбу масала ходимнинг ҳуқуқлари бузилиши ёки камситилишига олиб келади.

 

Давлат хизматлари агентлиги томонидан ходимларни ишга қабул қилишда унинг оилавий шароити, хулқ атвори, билим даражаси ва касбга бўлган садоқати ўрганилади.

 

Маълумот тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech