Ру Ўз Uz

Филиал деганда кўз олдингизга нима келади?

views 15 Сентябрь 2020
views 190

Оммабоп ва юқори сифатли маҳсулот ёки хизматнинг Сизга яқин бўлган масофада тақдим этилиш имконияти пайдо бўлганини тушунасиз, шундай эмасми?

 

Давлат хизматлари марказлари ташкил этилиши натижасида фуқароларимизнинг оғирини енгил бўлганини бугунги кунда кўплаб жараёнлар ва хизматлар учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг камайтирилиши, муддатлар қисқариши, турли маълумотномалар талаб этилиши бекор бўлишида яққол намоён бўлмоқда.

 

Бироқ, битта туман учун 1 та марказ фаолият олиб бориши ҳам қисман ноқулайлик келтириб чиқармоқда. Чунки ҳудуди катта туман аҳолиси учун 20-30 километр йўл босиб келиш ортиқча вақт ва маблағ харажати демакдир.

 

Тўғри, давлат хизматларидан онлайн фойдаланувчилар учун масофа ҳеч гап эмас, лекин олис ҳудудларимизда онлайн хизматлар ҳали тўлиқ оммалашмагани сабабли ҳам давлат хизматларидан бемалол фойдаланиш бироз мушкул бўлмоқда.

 

Бу каби шароитларни инобатга олган ҳолда олис ва чекка ҳудудларда давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан сайёр тартибда хизмат кўрсатилиб келинмоқда.

 

Бундан ташқари, туман марказларидан анча олисда жойлашган қишлоқлар ва маҳаллалардаги фуқароларимизга қулай хизматлар уйига яқин бўлишини таъминлаш мақсадида марказларнинг филиаллари ташкил этилмоқда ва фойдаланишга топширилмоқда.

 

Худди шундай филиалларнинг бир нечтаси Қашқадарё вилоятида ҳам фойдаланишга топширилди.

 

Жумладан, Қамаши туман марказидан 40 километр узоқликда жойлашган «Қўшкапа» филиали «Сарбозор», «Чим», «Равот», «Гулшан», «Каптархона», «Узун», «Жомбус», «Жомбус сой», «Меҳр» МФЙ ҳамда «Блун-Айл», «Оқработ», «Лапас Мухаммадиев», «Қорақўтон» хўжаликларида истиқомат қилаётган 52 минг аҳолига хизмат кўрсатишни белгиланган режа-график асосида кўрсатишни бошлади.

 

Шаҳрисабз туман марказидан 55 километр узоқликда жойлашган «Хисорак» филиали эса «Кўл», «Ғелон», «Сарчашма», «Сайёд», «Хитой», «Ҳисор», «Тошбулоқ», «Қиёмшайх» ҳамда «Пахтакор» МФЙларда истиқомат қилиб келаётган жами 22 минг аҳолига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган.

 

Китоб тумани марказидан 35 километр узоқликда жойлашган Варганза қишлоғи эса бутун дунёга ўзининг анорлари билан машҳур. Ушбу ҳудуд ҳам туман марказидан олислигини ҳисобга олган ҳолда, бу ерда ҳам давлат хизматлари маркази филиали ўз иш фаолиятини бошлади. Тоғли ҳудуддаги бу филиал орқали яқин атрофдаги «Анорзор», «Боғи баланд», «Башир», «Панжи», «Обод», «Нурафшон», «Қушдарё» ҳамда «Қорабулоқ» МФЙларда истиқомат қилаётган 30 минг аҳолига хизмат кўрсатиши режалаштирилган.

 

Маълумот учун, ҳозирги кунга келиб Қашқадарё вилоятида давлат хизматлари марказларининг 20 та филиаллари ўз иш фаолиятини давом эттирмоқда.

 

ДХА Қашқадарё вилояти бошқармаси Матбуот хизмати

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech