Ру Ўз Uz

Ҳисоблагичлар машмашаси: аҳоли нега сарсон?

views 07 Октябрь 2020
views 1051

Сўнги кунларда электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сув ҳисоблагичларини қиёслаш масаласи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

 

Келиб тушаётган эътирозларнинг асосий қисми мазкур хизматни кўрсатишда белгиланган муддатлар бузилаётганига бағишланган.

 

Эслаб кўрайлик?

 

Аввал, ҳисоблагични ечиш учун таъминотчи ташкилотга (“РЭС”, “райгаз” “сувсоз”) ариза топшириш керак эди. Сўнг, давлат текширувини ўтказиш учун, қурилмани “Ўзстандарт” агентлигига олиб бориши керак эди. У ерда аризачидан турли миқдордаги маблағ йиғиб олинар эди. Бундан ташқари, текшириш нархини белгилашда шаффофлик ва ошкоралик мавжуд эмасди. Текширувдан сўнг, аризачи мустақил равишда қурилмани олиб, кейин масъул ташкилотга ҳисоблагич ўрнатиш учун ариза топширар эди.

 

Сир эмас, кўпчилик ортиқча оворагарчиликни олдини олиш учун масъул ходимлар билан муайян маблағ эвазига «келишар» эди. Юқорида кўрсатилган барча тадбирларни эса ташкилот ходим ўзи амалга оширган.

 

Энди-чи?

 

2019 йил 1 ноябридан бошлаб, коммунал хизматлари “счетчикларини” қиёслаш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки электрон тарзда my.gov.uz портали орқали қабул қилинмоқда.

 

Бундан кўзда тутилган асосий мақсад — аввалги тартибда мавжуд бўлган коррупцион ҳолатларга чек қўйиш, мазкур хизматларни кўрсатиш учун аниқ муддатлар ва тартибни белгилаш. Ушбулар орқали эса, фуқароларга қулайлик яратиш эди аслида.

 

Маълумот учун, жорий йилнинг 1 октябрь санасига қадар:

 

- табиий газ ҳисоблагичи бўйича 114 173 та ариза келиб тушган. Шундан, 66 992 таси ижобий ҳал этилган, 2 421 таси рад этилган, 1 773 таси бекор қилинган, 4 114 таси янги ва 38 873 таси таъминотчи корхона томонидан кўриб чиқилмоқда;

 

- ичимлик сув ҳисоблагичи бўйича 73 887 та ариза келиб тушган. Шундан, 27 949 таси ижобий ҳал этилган, 1 328 таси рад этилган, 1 390 таси бекор қилинган, 21 525 таси янги ва 21 695 таси таъминотчи корхона томонидан кўриб чиқилмоқда;

 

- иссиқ сув ҳисоблагичи бўйича 47 013 та ариза келиб тушган. Шундан, 18 052 таси ижобий ҳал этилган, 590 таси рад этилган, 953 таси бекор қилинган, 2 211 таси янги ва 25 207 таси таъминотчи корхона томонидан кўриб чиқилмоқда.

 

Бироқ, турли сабабларга кўра, ушбу давлат хизматларини кўрсатишда таъминотчи ташкилотлар ҳамда метрология органлари фаолиятида тизимли камчиликлар юзага келмоқда.

 

Хўш, муаммоларнинг сабаби нимада?

 

  1. Ваколатли органларда кадрлар етишмаганлиги ва иш ҳажмининг кўплиги келиб тушган аризаларни ўз вақтида кўриб чиқиш имконини бермаяпти.

 

Мисол учун, “ТОШИССИҚҚУВВАТИ” ДУКга қиёслашдан ўтказиш бўйича 1 кунда ўртача 500 га яқин ариза келиб тушади. Корхонада фаолият кўрсатаётган 80 нафар инспектор 1 кунда 6 та (6х2=12) ҳисоблагични ечиши ва ўрнатиши лозим. Ҳар бир ҳисоблагични ечиш, ўрнатиш ва далолатнома тузиш учун ўртача 40-50 дақиқа сарфланади.

Шунингдек, яроқсиз деб топилган ҳисоблагичлар бевосита таъминотчи корхоналар томонидан таъмирланиб, қайта қиёслашга тақдим этилмоқда. Бундан ташқари, ушбу ходимлар ҳисоблагич пломбаларини ечиш ва ўрнатиш бўйича 1 кунда келиб тушадиган ўртача 120-130 та аризаларни ҳам ўрганиб чиқишлари лозим.

 

  1. Метрология станциялари камлиги.

 

 Таъминотчи корхоналар ечилган ҳисоблагич ва далолатномаларни “Ўзстандарт”га топшириши белгиланган. “Ўзстандарт” агентлигининг республика бўйича атиги 17 та давлат метрология хизмати органлари фақатгина вилоятлар марказларида фаолият кўрсатмоқда. Яъни,  ҳар бир туманда метрология хизмати мавжуд эмас, айрим ҳолларда таъминотчи 60-70 километр масофага ҳисоблагичларни етказиб бериши ва қайта олиб кетиши керак бўлади.

 

Бу ҳолат, метрология органларида иш ҳажмининг ортиб кетишига олиб келиб, ҳисоблагичларни ўз муддатида қиёслашдан ўтказиш имкониятини бермаяпти.

 

Натижада хизмат ДХМлар орқали жорий этилганидан фақатгина ичимлик суви ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказишда 15 мингдан ортиқ ҳолатда муддат бузилишига йўл қўйилган.

 

  1. Коронавирус билан боғлиқ карантин сабаб, Махсус комиссия қарорига кўра, қиёслаш бўйича келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш муддатлари 2020 йил 1 сентябрга қадар узайтирилган.

 

Албатта, бу чекловлар вируснинг аҳоли ўртасида тарқалмаслиги учун жорий этилган эди. Натижада кўриб чиқилиши лозим бўлган аризалар сони кескин ошиб, таъминотчи корхоналар ходимлари аризаларни ўз вақтида кўриб чиқиши имкони бўлмаяпти.

 

Кимдир жавобгар бўладими?

 

2020 йилнинг 9 ойи давомида электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш давлат хизматини кўрсатиш жараёнида 16 662 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

 

Шундан 15 788 таси муддат бузилиш, 10 таси тўғридан-тўғри хизмат кўрсатиш, 27 таси асоссиз рад этиш ва бошқа турдаги қонунбузилишларни ташкил этади.

 

Ушбу давлат хизматини кўрсатиш жараёнида жами 266 та таъсир чоралари кўрилган бўлиб, шундан ваколатли органларга 69 та тақдимнома, 42 та огоҳнома киритилган бўлса, 155 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.

 

Кўрилган таъсир чоралар натижасида жами 190 нафар шахс жавобгарликка тортилган. Улардан 32 нафари интизомий жавобгарликка тортилган, 3 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 155 нафари эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

 

Муддат бузилганда нима қилиш керак?

 

Бугунги кунда ушбу хизматларни ўз вақтида кўрсатиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда, назорат кучайтирилмоқда. Бироқ эслатиб ўтмоқчимиз, Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz портали орқали ариза берган бўлсангиз, лекин аризангиз ўз вақтида кўриб чиқилмаган ҳолатларга дуч келсангиз Давлат хизматлари агентлигининг 1148 ишонч рақами ёки my.gov.uz портали орқали аризангизни ичида мавжуд бўлган “Махсус хабар” тугмачаси орқали бизга хабар беришингиз мумкин. Мутахассисларимиз ҳолатни ўрганиб чиқиб, тегишли чора кўради.

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech