Ру Ўз Uz

Кечиктирилган ҳужжатлар

views 12 Ноябрь 2020
views 189

Жиззах вилояти Зомин тумани, Даштобод шаҳарчасида рўйхатда туриб, бугунда Тошкент шаҳрида ижарада истиқомат қилувчи фуқаро О. С. 2 нафар фарзандининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини олиш учун кўп жойга мурожаат қилди. Ваҳоланки унинг 2015 йилда туғилган қизининг туғилганлиги қайд этилган гувоҳномаси йўқолган, 2018 йилда дунёга келган ўғлининг туғилиши эса ҳеч қаерда қайд этилмай қолган.

 

Ушбу масалада ёрдам сўраб Давлат хизматлари агентлигининг тезкор алоқа телеграм-ботига унинг номидан мурожаат юборилган. Мазкур мурожаат асосида ДХА Жиззах вилоят бошқармаси жамоаси ва Зомин туман ФҲДЁ бўлими унга амалий ёрдам кўрсатдилар.

 

О. С. Зомин туман ФҲДЁ бўлимига ташриф буюрганда, биринчи фарзандининг «метрика»си Зарбдор туман ФҲДЁ бўлимидан олинганлиги маълум бўлди. Шу боисдан Зарбдор тумани ФҲДЁ масъуллари билан боғланилиб, қисқа вақт ичида унга такрорий гувоҳнома расмийлаштириладиган бўлди.

 

2018 йилда туғилган фарзандига эса ўша вақтда туғруқ амалга оширилган Навоий вилоятининг Хатирчи туман туғруқ комплексидан зарур ҳужжатлар олиниб, Зомин туман ФҲДЁ бўлими орқали гувоҳнома олинди.

 

— ДХА Жиззах вилоят бошқармаси раҳбариятига, Зомин ва Зарбдор туман ФҲДЁ бўлими ходимларига миннатдорчилик билдираман, — дейди қувончга тўла О. С. — Неча йилдан буён қунт қилмай келаётган масаламни қисқа вақтда ҳал қилиб беришди. Муаммо туғилдими уни охирига етказиш керак экан.

 

Шу вақтга қадар, Жиззах вилояти бўйича туман (шаҳар) ФҲДЁ бўлимлари орқали жами 16 ёшгача бўлган боланинг туғилиш муддатини ўтказиб қайд этиш ҳолати 260 тани ташкил этган.

 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech