Ру Ўз Uz

Ортиқча пул сарфламанг. Газ «счетчикларини» энди қиёслаш керак эмас

views 05 Ноябрь 2020
views 986

Аввалроқ хабар берилганидек, мамлакатимиз раҳбарининг 24 сентябрдаги қарорига кўра, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш белгиланган.

 

Бунинг учун 2021 йил 1 августга қадар республиканинг барча ҳудудларида истеъмолчиларга замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиб, табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ жорий этилиши режалаштирилган.

 

Биринчи босқичда, яъни, 2021 йил 1 февралга қадар Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ, Чиноз, Юқоричирчиқ, Янгийўл ва Кармана туманлари ҳамда Тошкент, Андижон, Бухоро, Гулистон, Жиззах, Наманган, Нукус, Самарқанд, Термиз, Урганч, Қарши, Каттақўрғон, Қўқон, Марғилон шаҳарларида ва бошқа қарздорлик даражаси баланд бўлган ҳудудларда тизимни ўрнатилиши кўзда тутилган.

 

Янги электрон ҳисоблагичлар «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан аҳолига графикка кўра мутлақо БEПУЛ тарзда ўрнатилади.

 

Бироқ, бугунги кунда Давлат хизматлари марказларига 1-босқичда назарда тутилмаган ҳудудлардан табиий газ ҳисоблагичларини қиёслаш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

 

Давлат хизматлари агентлиги аҳолининг оворагарчилигига чек қўйиш ва ортиқча пул маблағларини сарфлашини олдини олиш учун, табиий газ ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш муддатини 2021 йил 1 августга қадар узайтириш ташаббуси билан чиқди. Ҳукумат ушбу аҳолига енгилликни қўллаб-қувватлади.

 

Демак, ҳурматли фуқаролар, газ ҳисоблагичларингизнинг «стандартдан ўтказиш» муддати ўтган бўлса ҳам, 2021 йил 1 августга қадар ҳисоблагични қиёслашнинг кераги йўқ.

 

«Счетчик»ни даврий текширувдан ўтказиш муддати ўтган бўлса-да, ҳисоб-китоблар ҳозирда уйингизда ўрнатилган ҳисоблагичлар асосида амалга оширилади.

 

2021 йил 1 августга қадар эски кўринишдаги газ ҳисоблагичларини қиёслаш учун аризалар қабул қилиниши тўхтатиб турилади.

 

Давлат хизматлари агентлиги Сизлар учун қулайликлар яратишда давом этади.

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech