ОРЗУЛИКЛАРНИНГ ОРЗУЙИДАГИ МАСКАН

views 27 Июнь 2020
views 387

Наманган шаҳар «Орзу» маҳалла фуқаролар йиғини яқинида 12 та МФЙ жойлашган бўлиб, бу ҳудудлар шаҳар марказидан 11-15 километр узоқликда жойлашгани боис, давлат хизматларидан фойдаланишлари учун ноқулайликлар туғдираётган эди. Устига-устак марказ томонга бориш учун иккита автоуловга минишга тўғри келарди.

 

Аввал Наманган туманига қарашли бўлган МФЙлар 2016 йил шаҳар ҳудудига ўтказилди ва шу йилдан бошлаб, қишлоқлар ўзгача қиёфага кира бошлади. Биринчи галда аҳоли учун зарур бўлган, сув, электр, газ таъминоти яхшиланган бўлса, ундан кейин намунадаги уйлар ва ижтимоий объектлар қурила бошланди. Наманган шаҳар давлат хизматлари марказининг Орзу филиали шулар жумласидандир.

 

Ўтган вақтга назар соладиган бўлсак, ортда қолган бир йил давомида Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига 757 956 нафар фуқаро ташриф буюрди.

 

Янги очилган филиал сабаб, 87 мингдан ортиқ фуқаро марказга келинишининг олди олинди. Бу дегани, филиал очилиши фуқароларга бир қатор қулайликлар яратган бўлса, марказ ходимларининг иш унумдорлигига ҳам ижобий таъсир қиладиган бўлди.

 

— Давлат хизматлари агентлиги фаолият бошлаши фуқароларга қулайликлар яратди,
— дейди «Орзу» МФЙ раиси Ахмаджон Мавлонов. —Хали у идора, хали бу идора эшиги олдида кунлаб керак бўлса, ҳафталаб навбат кутган аҳолининг мушкули осон, узоғи яқин бўлди. Бундан ташқари, марказ ходимлари томонидан жойларга чиққан холда кўрсатилаётган сайёр хизмат тадбирлари кўплаб инсонларнинг йўлини яқин бўлишига хизмат қилди. Биз орзуликлар учун яна бир янгилик ва қулайликлардан бири марказнинг филиали маҳалламизда очилганидир. Авваллари очиқ айтиш керак, бирор бир хизмат учун марказга боришга мажбур эдик. Айниқса, пандемия даврида фуқароларимизга жуда ҳам қийин бўлди. Мана ҳеч қайси фуқаро хизматдан фойдаланиш учун шаҳар марказига бориши шарт эмас, барча хизматларни маҳалламизнинг ўзида олса бўлади.

 

Филиалдаги қулайликлардан яна бири банк филиали билан бир жойда жойлашганидир. Бундан ташқари, бинода банкомат ўрнатилгани ҳам фуқароларга айни муддао бўлди.

  

Яна бир жиҳат, 405 та оила учун қурилаётган замонавий уй-жойларнинг ҳужжатлари энди марказда эмас балки, мана шу филиалда расмийлаштирилади.

 

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси ахборот хизмати.

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech