Ру Ўз Uz

«Равот» филиали халқ хизматига бел боғлади

views 11 Сентябрь 2020
views 214

Мамлакатимизда давлат хизматларидан фойдаланишда аҳолига яратилаётган қулайликлар борган сари ортиб бормоқда.

 

Олис Сардоба туманининг «Равот» маҳалласида туман Давлат хизматлари маркази филиалининг очилиши шу атрофдаги 3 та маҳалла аҳолиси учун чин маънодаги қулайлик бўлди.

 

Дарҳақиқат, Сардоба тумани Сирдарё вилоятининг энг олис ҳудуди ҳисобланади. 65 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган туманда марказдан олис ҳудудлар ҳам анчагина. Айнан «Равот» маҳалласи билан туман маркази орасидаги масофа 28 километрни ташкил этади.

 

– Бундан буён туманнинг «Равот», «Зомин», «Бўстон» маҳаллаларида истиқомат қилувчи 9 мингга яқин аҳоли зарурат туғилганда Давлат хизматларидан фойдаланиш учун туман марказига қатнамайдилар, — дейди Сардоба туман Давлат хизматлари маркази директори Анорбой Турсунов. —Улар учун барча қулайликларга эга Сардоба туман ДХМнинг «Равот» шаҳобчаси ўз иш фаолиятини бошлади.

 

Шаҳобчанинг очилиши маҳалла аҳлининг қувончига қувонч қўшди.

 

— Яқин атрофдаги маҳаллаларда яшовчи ёшу-кекса шаҳобча очилишидан жуда хурсанд бўлдик, — дейди «Равот» маҳалласи фаоли Абдулла Отахонов. — Чунки маҳалладошларимиз орасида фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш, газ ва электр энергияси ҳисоблагичларини қиёсловдан ўтказиш, кадастр паспортини тайёрлаш каби энг зарур хизматлардан фойдаланишга деярли ҳар куни эҳтиёжмандлар топилади. Туман марказига бормасдан шу ернинг ўзида муаммога ечим топилиши барчамизга бирдек маъқул, албатта.

 

Кенг, ёруғ ва шинам шаҳобча биноси барча зарурий жиҳозлар билан таъминланган, оптик толали интернет тармоғига уланган. Сардоба туман Давлат хизматлари маркази ходимлари эса эл хизматига шай.

 

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўбаси

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech