Ру Ўз Uz

Шинам маскандан киши чиққиси ҳам келмайди...

views 24 Декабрь 2020
views 85

Ҳозирги вақтга қадар Самарқанд вилояти Давлат хизматлари марказларининг 14 та замонавий бинолари халқимизга хизмат қилиб келмоқда. 15чи марказ — Оқдарё туманида фойдаланишга топширилди.

 

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Самарқанд вилоятида Давлат хизматлари марказлари томонидан 2020 йил 1 декабрь ҳолатига фуқароларга 586,5 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, шундан 30 мингдан ортиғи Оқдарё туманида кўрсатилган.

 

Марказнинг янги биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бўлиб, энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган.

 

Марказга ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хизмат залида қулай шароитларда хизмат кўрсатилади. Марказга киришингиз билан ресепшнда хушмуомала ходимлар яхши кайфият билан кутиб олишади ва тегишли тартибда йўналтиришади.

 

Электрон навбат тизими 6 та мониторда акс этиб туради, 24 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

 

– Таъкидлаш жоизки, илгариги бинода кутиш залининг торлиги боис, мурожаатчилар ичкарига кирса, қолганлари йўлакда кутиб қолишарди. Бу эса нафақат аҳоли учун балки марказ ходимларига ҳам бироз ноқулайлик туғдирар эди, – дейди марказ директори Шавкат Хуббимқулов. – Замонавий архитектура дизайни асосида жиҳозланган ушбу муҳташам марказ биносида эса фуқаролар учун барча шароитлар муҳайё этилган. Ҳатто, марказга ташриф буюрувчи мурожаатчиларнинг фарзандлари учун ҳам қулай шароит яратилган бўлиб, болалар учун махсус ўйин майдончаси ажратилган.

 

– Мен тадбиркорлик соҳасида фаолият бошлаш истагидаман, – дея сўз бошлади Равшан Қодиров. — Тадбиркорлик фаолиятимни давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида туман ДХМга ташриф буюрган эдим, бу ерда чинакам байрам шодиёнаси устидан чиқиб қолдим. Илгари бошқа мурожаат билан эски марказ биносига борганимда ҳақиқатдан ҳам шароит бироз ноқулай эди. Бугунги муҳташам бинони кўриб очиғи ҳайратландим. Кенг ва шинам маскандан чиққинг келмайди. Бундан биз оқдарёликлар жуда ҳам мамнунмиз. Айниқса, ходимларнинг мурожаатчиларга бўлган муносабатидан хурсанд бўлдим. Энг муҳими мени ишим 30 дақиқа ичида ҳал бўлди.

 

Марказда тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, инвесторлар хонаси, фуқаролик паспортини бериш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилаш учун туман ИИБ ходимларига алоҳида хоналар ажратилган. Шунингдек, марказда банк кассаси ҳам ташкил этилган. Кутиш залида эса китоб жавони мавжуд бўлиб, фуқаролар бу ерда бадиий китобларни мутолаа қилиш имкониятига эга бўлишади.

Powered by GSpeech
ДХМга олдиндан навбатга ёзилиш
ДХМга электрон чипта олиш
ДХМлар харитада
Мурожаатингизни йўлланг!