Ру Ўз Uz

Сизда келишнинг имкони йўқми? Унда ўзимиз борамиз!

views 31 Октябрь 2020
views 126

Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимининг изчиллик билан такомиллаштирилиши аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция ва ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни янада ривожлантириш имконини бермоқда. Айниқса, чекка ва олис ҳудудларда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш фуқаро ва тадбиркорлар учун янада қулайликлар туғдирмоқда.

 

Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси тасарруфидаги мобил давлат хизматларини кўрсатувчи автобус авваллари ойда икки бор туман, шаҳар марказларидан олисда жойлашган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига сайёр давлат хизматларини кўрсатиб келарди. Пандемия сабаб, аҳолига яратилган қулайликлар вақтинчага тўхтатилган эди.

 

Бугунга келиб, аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олиб, сайёр хизмат кўрсатиш карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириб келинмоқда. Бу галги манзил Косонсой тумани бўлди. Хонқўрғон маҳалла фуқаролар йиғини туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган бўлиб, қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудуд саналади. Қишлоқда 2900 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу ерлик аҳоли деҳқончилик ва чорвачиликка меҳр қўйган.

 

Кузнинг иссиқ кунларидан унумли фойдаланиб, кечки экинларини йиғиб-териш билан банд бўлган аҳоли давлат хизматларидан фойдаланиш учун узоқ йўл босиб марказга келишга вақт топа олмаётган бир вақтда Агентликнинг вилоят бошқармаси ҳамда Косонсой туман давлат хизматлари маркази ходимлари сайёр хизмат кўрсатиш учун ўзлари қишлоққа отландилар. Дастлаб, соҳа ходимлари давлат хизматларидан уйда ўтириб ҳам фойдаланиш мумкинлиги ҳақида йиғилганларга тушунтириш олиб бордилар.

 

Шундан сўнг, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишга киришдилар. Шу куни фарзандини мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш, коммунал хизмат кўрсатиш тармоқларига уланиш, кадастр паспортини шакллантириш, солиқдан қарзи бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот олиш ва яна бир қатор хизматлардан фойдаландилар. Давлат хизматлари агентлиги ходимлари томонидан шу куни 30 дан ортиқ фуқароларга сайёр давлат хизматларини кўрсатилган бўлса, 40 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди.

 

Косонсой туманидаги «Қайтмас Замини» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, аҳолига сифатли кийим-кечак ҳамда қандолат маҳсулотларини етказиб берувчи катта корхонага айланиб улгурди. Ҳозирда 25 нафар қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаган тадбиркор йил якунигача яна 50 нафар ишсизларни банд қилиш ҳаракатида. Давлат хизматлари агентлигини ходимларининг ташрифи тадбиркор аёлни мамнун этмай қолмади. Корхона раҳбари меҳнат фаолиятини олиб бораётган жойида давлат хизматларидан фойдаланди. Бундай хизматдан тадбиркор янада ғайрат билан ишлашга ваъда берди. Асосийси, унинг вақти тежалди.

 

Узоқ қишлоқ ва овулларда яшайдиган аҳоли ҳа деганда туман марказига келиб давлат хизматларидан фойдаланишга вақти ва имкони бўлмайди. Ана шундай паллаларда эса мобил автобус бундай фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишга кўмаклашади.

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech