Сукут – аломати ризо: вақтида кўриб чиқилмаган аризаларга автоматик рухсатнома берилади

views 30 Июль 2020
views 2344

 

Барчага маълум, Давлат хизматлари агентлиги ўз фаолиятини авваламбор давлат хизматларини олиш аҳоли учун содда ва қулай бўлишига қаратмоқда.

 

Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг тартиб-таомиллари мураккаб ва фойдаланиш учун қийин бўлиб қолган, айрим ҳолларда эса коррупция ва бюрократия ҳолатларига олиб келган.

 

Қурилишда нима гап?

 

Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш учун туман (шаҳар) хокимликларига мурожаат қилиш керак бўлган.

 

Шу билан бирга Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнидаги иштирокчилар ўртасида (маҳалла фуқаролари йиғини, муҳандислик ташкилотлари, қурилиш бўлими, санитария-эпидемиологик, ёнғин хавфсизлиги, экология ва бошқа органлар) қоғоз ҳужжатлар алмашинуви ўзи келган ҳолда амалга оширилиб келинган. Бу эса жараённи анча сустлаштириб, хизмат кўрсатиш муддати ошишига сабаб бўлаётган эди.

 

Ҳозирги кунда ДХА ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди. Унга кўра, қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун бир вақтнинг ўзида мурожаат қилиниб 9 иш куни мобайнида QR-қўйилган далолатнома ҳамда реестрдан кўчирмани олишлари мумкин.

 

Соҳани нима кутмоқда?

 

Тез вақтда архитектура қурилиши соҳалари янада такомиллаштирилиши кутилмоқда.

 

Масалан:

 

- бино ва иншоот ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш ваколатини ҳудудий бошқармалардан туман қурилиш бўлимларига бериш;

 

- кадастр паспорти, объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси, кўчмас мулк давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги реестрдан кўчирмани Давлат хизматлари марказлари ва my.gov.uz порталига мурожаат қилиб бир вақтда олиниши;

 

- қурилишга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда ваколатли органлар томонидан белгиланган муддатларда рухсатномаларни расмийлаштирмаса «Сукут – аломати ризо» тамойилига кўра тизимда автоматик тарзда рухсатнома шаклланиб ариза берувчига юборилиши режалаштирилган.

 

Ҳуқуқбузарликларга жазо муқаррарми?

 

Ушбу соҳани яхшилаш учун талайгина ишлар амалга оширилмоқда, бироқ қонун бузилиш ҳолатлари ҳали-ҳануз учраб турибди.

 

ДХА эса нафақат хизматлар олиш тартибини соддалаштиради, балки аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, шу билан биргаликда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир бўлганда ўз вақтида тегишли чораларни кўриб боришни ҳам ўз олдига қўйилган асосий вазифалардан ҳисоблайди.

 

Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилнинг бугунги кунига қадар қурилиш органлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда 2 137 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

 

Шундан, 1900 та ҳолатда муддат бузилган бўлса, 2 та ортиқча ҳужжат талаб қилиш, 5 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатилган, 159 та ҳолатда мурожаат асоссиз равишда рад қилинган, 3 та ҳолатда ваколатли идоранинг қонуний талаби бажарилмаган ва 68 та ҳолатда бошқа қонун бузилишига йўл қўйилган.

 

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ваколатли идораларга тақдимнома, огоҳномалар киритиш билан бир қаторда, айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги маъмурий баённомалар ҳам расмийлаштирилди.

 

Натижада 146 нафар шахс маъмурий, 22 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

 

Мисол учун, Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “BARAKAT GREENHOUSE” МЧЖнинг архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш тўғрисидаги аризаси Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси масъул ходими Н.М томонидан асоссиз рад этилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215(5)-моддасига асосан маъмурий жарима жазо чораси қўлланилди.

 

Шунингдек, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи фуқаро Б.Н. нинг якка тартибдаги уй-жой қуришга (реконструкция қилиш) лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича аризаси Қурилиш бўлими бошлиғи Ж.Қ томонидан белгиланган тартиб бузилган ҳолда асоссиз рад этилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 215(5)-моддасига асосан маъмурий жарима жазо чораси қўлланилди.

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech