Ру Ўз Uz

Янгийўлда янги бино

views 05 Ноябрь 2020
views 164

Тошкент вилоятида 210 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Янгийўл туманида янги Давлат хизматлари маркази очилди. Аввалги марказ кичик бинода жойлашган бўлиб, хоналари тор, ташриф буюрувчиларга шароитлар яратилмаган, натижада навбатлар кузатилар эди.

 

Янги бино энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган бўлиб, фуқароларга кенг, ёруғ ва шинам хоналарда хизматлар кўрсатилади. Марказга киришингизда рўйхатга олиш бўлими ходимлари сизни «Ассалому алайкум, хуш келибсиз!», дея ўзбекона лутф билан яхши кайфиятда кутиб олади.

 

Энг замонавий архитектура ечими асосида қурилган 2 қаватли Марказда инфокиоск, кутиш зали, кичик кутубхона, болалар майдончаси, буфет, адлия, ФҲДЁ бўлими, тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, инвесторлар учун алоҳида хона, нотариал хизмат хоналари ташкил этилган. Банк шохобчаси ҳам марказнинг ўзида ташкил этилганлиги фуқароларнинг зарур тўловларини шу ернинг ўзида амалга ошириш имконини беради.

 

Марказ бир вақтнинг ўзида 28 нафар, бир кунда 400 нафар фуқарога хизмат кўрсата олади. Электрон навбат тизими 8 та мониторда акс этиб туради. Зал бўйлаб 2 қаторда тизилган 28 та қабул ойнасида кўрсатиладиган хизматларда шаффофлик асосий мезон саналади.

 

ДХА Тошкент вилояти

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech