Ру Ўз Uz

Йирик лойиҳанинг илк натижалари

views 20 Ноябрь 2020
views 211

Тошкент шаҳридаги Wyndham меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Делегацияси вакиллари билан уч томонлама учрашув бўлиб ўтди.

 

Учрашув давомида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги, Европа Иттифоқи, Давлат хизматлари агентлиги ва Ўзбекистондаги БМТТДнинг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим етишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

 

Хусусан, лойиҳанинг 2019-2020 йилларда эришган ютуқлари ва COVID-19 пандемияси пайтида давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда яқин келажакда давлат хизматларини рақамлаштиришга йўналтирилган лойиҳанинг кейинги режаларини муҳокама қилдилар.

 

Шунингдек, уч томонлама учрашув доирасида ISO 9001 ва ISO 27001 халқаро стандартлари бўйича ўтказилган курсларнинг иштирокчиларини тегишли сертификатлар билан тақдирлашнинг расмий маросими ҳам бўлиб ўтди. Давлат хизматлари агентлигида ISO 9001 ва ISO 27001 халқаро стандартларига мувофиқ интеграциялашган бошқарув тизимини жорий этиш давлат хизматлари сифатини кўтариш ва ташкилот самарадорлигини оширишга, шунингдек, кадрлар бошқарувини такомиллаштиришга ҳисса қўшишга, бу билан эса, мижозлар эҳтиёжларини қаноатлантириш ва фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада оширишга кўмаклашади.

 

ISO 9001 ва ISO 27001 халқаро стандартлари талабларини ўргатиш учун 2020 йил 5-20 октябрь кунлари ДХА ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун ўқув курслари ташкил этилди. Тренинг якунида барча 29 иштирокчи ушбу курс учун малака имтиҳонини муваффақиятли топширдилар.

 

Ўзбекистон ҳукуматининг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун мазкур қўшма лойиҳа Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларини аҳолига электрон давлат хизматлари сифати ва қулайлигини оширишга қаратилган замонавий рақамли воситалар билан жиҳозлашга ёрдам беради. Хусусан, республика бўйлаб ФҲДЁ архивларини рақамлаштириш учун 12 та V-шаклидаги сканерлар, серверлар ва бошқа ускуналар сотиб олиниб, ўрнатилди. ФҲДЁ тизими қайдлари учун архивлаштирилган маълумотларнинг яхлитлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун блокчейнга асосланган тизимлар ҳам жорий қилинмоқда. Бундан мақсад – барча қоғозли архивларни маълумотларни автоматик равишда олиш ва қайта ишлашга имкон берадиган ягона маълумотлар базаси асосидаги электрон ёзувларга айлантиришдир.

 

Шунингдек, мазкур қўшма лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (2017 йил 12 декабрдаги 5278-сонли) фармонига мувофиқ, Давлат хизматлари агентлигига давлат хизматларини кўрсатишни масофадан онлайн режимда кузатиб борувчи Вазиятлар марказини яратиш ва жиҳозлашда ёрдам беради.

 

Барча 201 та давлат хизматлари марказларида онлайн режимда давлат хизматлари кўрсатилишининг мониторингини таъминлаш, шунингдек қарорларни янада самарали қабул қилиш учун маълумотларни автоматик равишда йиғиш, қайта ишлаш ва кўринарли форматга ўтказиш учун Business Intelligence синфининг бизнес-таҳлил тизими ишлаб чиқилмоқда.

 

Сурхондарё вилояти (Сариосиё тумани), Қашқадарё вилояти (Деҳқонобод тумани), Жиззах вилояти (Бахмал тумани), Сирдарё вилояти (Ховос тумани) ва Тошкент вилоятидаги (Нурафшон шаҳри) Давлат хизматлари марказлари тажриба тариқасида талаб олиниб, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун мазкур қўшма лойиҳа умумий қиймати қарийб 178 минг АҚШ долларини ташкил этувчи 200 дона ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини (серверлар, шахсий компьютерлар, тармоқ ва телекоммуникация қурилмалари, видеокузатув мосламалари, фойдаланувчи билан алоқа механизмлари ва бошқалар) сотиб олиб, Агентликка тақдим қилди. Шунингдек, айни пайтда юқоридаги 5 та тажриба марказларидаги кондиционер қурилмаси учун мебель ва ускуналар сотиб олиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Тажриба учун танланган ҳудудларда камида 5 та янги давлат хизматлари марказларининг техник салоҳиятини ошириш орқали БМТ Тараққиёт Дастури ва Европа Иттифоқи аҳолининг ишончини ошириш ва ДХМ орқали, айниқса қишлоқ жойларда, давлат хизматларини кўрсатиш механизмларининг барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech