Ру Ўз Uz

Жиззахда 6 та давлат хизматлари маркази филиали иш бошлади

views 12 Сентябрь 2020
views 372

Давлат хизматлари агентлиги ташкил топганига 2 ярим йил бўлган бўлса-да қисқа фурсатларда халқнинг ишончига кира олди. Соҳада қатор ўзгариш ва туб янгиланишлар амалга ошди. Айни кунларда вилоятнинг 6 та туманида Давлат хизматлари марказларининг филиаллари иш бошлади.

 

Зомин туманининг Даштобод шаҳарчасида 25 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Эндиликда шаҳарча аҳолиси ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб туман марказига боришига эҳтиёж қолмади. ДХА Жиззах вилоят бошқармаси туман аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш натижасида Давлат хизматлари марказининг филиалини ишга туширди. 140 дан ортиқ давлат хизматини кўрсатувчи филиал Даштобод шаҳарчаси Маданият маркази биносида жойлашган.

 

- Фуқароларга қулайликлар яратиш Давлат хизматлари агентлигининг энг устувор вазифаларидан бири саналади, - дейди ДХА Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобур Назаров. - Шу мақсадда шаҳар ва туман марказларидан анча олисда жойлашган аҳоли пунктларида ДХМнинг филиаллари ташкил этилди.

 

Ғаллаорол Жиззах вилоятидаги аҳоли сони ва ҳудуди жиҳатдан катта туманлардан бири ҳисобланади. 180 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган туманда қишлоқлар марказдан анча олисда жойлашган. «Лалмикор» қўрғони туман марказидан 30 км олисда бўлиб аҳолиси зич яшовчи ҳудудларидандир. Масофа олислиги аҳоли учун қишнинг совуғида ва ёзнинг жазирама иссиқ ҳолатида туман марказига бориш учун бир қатор ноқулайликлар туғдирмоқда. Қишлоқ одамларининг даромад манбайи боғдорчилик ва чорвачилик. Бундан кўринадики бу ерда деҳқон хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари сони кўп.

 

Ушбу омиллар сабаб «Лалмикор» қўрғони марказида жойлашган Саноат касб-ҳунар коллежи биносидан туман давлат хизматлари марказининг филиалини ташкил этиш учун хона ажратилди. Ҳозирда ушбу филиал ҳам тўлиқ жиҳозланиб иш фаолиятини бошлади.

 

Филиал иш фаолиятини бошлаши билан 9 мингдан зиёд аҳолига эга бўлган ҳудуд учун замонавий хизмат кўрсатиш комплексига айланди. Бундан ташқари ушбу ҳудудга яқин Маржонбулоқ, Молтоб, Хонимқўрғон, Ғўбдин қишлоқларида истиқомат қилувчи 30 мингдан ортиқ аҳоли учун ҳам ушбу марказ анча яқин ҳисобланади.

 

Шунингдек, ўзининг бетакрор табиати ва мусаффо об-ҳавоси билан ажралиб турувчи Бахмал туманининг маркази Ўсмат шаҳарчасидан 70 км узоқликда жойлашган «Бахмал» ҚФЙда ҳам туман ДХМ филиали ишга тушди. Бу эса тадбиркорлар ва 30 мингга яқин ҳудуд аҳолиси учун ўзига хос қулайлик яратилди.

 

- Шароф Рашидов тумани марказидан 40 км олисда жойлашган Равот ҚФЙ аҳолиси энди давлат хизматлари бўйича ўз ҳудудларида мурожаат қилиш имконига эга бўлишди, - дейди туман ДХМ директори Насим Бекмуродов. - Бу ўз-ўзидан ортиқча вақт ва йўл харажатини қисқартириш имконини деганидир. Давлат хизматлари марказининг Умар филиали ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари фуқароларга хизмат кўрсатади.

Ҳозирги кунга қадар вилоятда 3 та марказнинг (Фориш туманида Дарвоза, Омонкелди ва Ғаллаорол туманининг Қўйтош) филиали фаолият юритаётган эди. Шу кунларда Фориш туманининг «Яссикечув» ва Арнасой туманининг «Чўлқувар» ҚФЙ ҳудудларида филиаллар фаолиятини бошлади. Энди улар сони 9 тага етди. Мазкур филиаллар орқали 1500 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Келиб тушаётган энг кўп мурожаатлар асосан кадастр билан боғлиқ бўлиб бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш учун келишиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш каби хизматлардир.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

telegram link Мурожаатингизни йўлланг!
Powered by GSpeech